⚡️ Рамазон ҳайити ва Наврўз муносабати билан 5 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар 4 кун, 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар эса 3 кун дам олади
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво қўмитаси Самарқанд шаҳрида ўтказилган йиғилишда 2026 йил (1447 ҳижрий) учун Рамазон ойининг бошланиши ва Рамазон ҳайити саналарини белгилаган.
Қўмита қарорига кўра, 2026 йилда Рамазон ойининг биринчи куни 19 февраль, Рамазон ҳайити эса 20 март — жума кунига тўғри келади. Шу сабабли март ойида байрамлар туфайли айрим ходимлар учун кетма-кет дам олиш кунлари юзага келади.
☑️ 5 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар учун дам олиш кунлари:
▪️20 март — жума, Рамазон ҳайити
▪️21 март — шанба, Наврўз байрами
▪️22 март — якшанба
▪️23 март — душанба (кўчирилган дам олиш куни)
⏺5 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар учун 24 март — сешанба иш куни ҳисобланади.
☑️ 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар учун дам олиш кунлари:
▪️20 март — жума, Рамазон ҳайити
▪️21 март — шанба, Наврўз байрами
▪️22 март — якшанба
⏺6 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар учун 23 март — душанба иш куни ҳисобланади.
Меҳнат кодексига кўра, ишланмайдиган байрам кунлари йиллик меҳнат таътили давомийлигини ҳисоблашда инобатга олинмайди.
👉 Шу сабаб март ойидаги 8 март, 20 март ва 21 март кунлари таътил ҳисобида ҳисобланмайди, қолган барча кунлар эса ҳисобга олинади.
Шунингдек, 19 март — пайшанба куни барча ходимлар учун қисқартирилган иш куни ҳисобланади.
👉 Меҳнат кодексининг 187-моддасига кўра, ишланмайдиган байрам кунлари арафасида иш вақти камида 1 соатга қисқартирилади.
👉 Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, агар байрам куни дам олиш кунига тўғри келса, у ҳолда дам олиш куни кейинги иш кунига кўчирилади. Шу сабаб 2026 йилда Наврўз байрами шанба кунига тўғри келгани учун 5 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар учун дам олиш куни 23 март — душанба кунига кўчирилди.